Равшан Мардиев Японияда малака ошириш дастурида иштирок этди

LOYAL бошқарувчи ҳамкори Равшан Мардиев Японияда ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар учун ташкил этилган малака ошириш дастурида иштирок этди. Дастур иштирокчилари Япония адвокатураси ва адлия тизими фаолияти билан танишдилар ҳамда мамлакат профессионал юридик ҳамжамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказдилар.
2024 йил 21–29 ноябрь кунлари LOYAL Legal Advisory бошқарувчи ҳамкори, адвокат Равшан Мардиев Япония Адлия вазирлиги ҳузуридаги Илмий-тадқиқот ва ўқув институтида ўтказилган малака ошириш дастурида иштирок этди.
Дастурда, шунингдек, адвокатлар Зафар Тухташов (ESTE адвокатлик фирмаси), Неъмат Шердонаев (Force in Justice адвокатлик бюроси), Ферузахон Қурбонова (Farg’ona adolat timsoli адвокатлик бюроси), шунингдек Ўзбекистон адлия органлари ходимлари ва нотариуслар гуруҳи иштирок этди.
Бир ҳафта давомида иштирокчилар Япония адвокатураси ва адлия тизимининг тузилиши билан танишдилар, маҳаллий юридик институтлар фаолияти амалиётини ўргандилар ва япон адвокатлари билан профессионал тажриба алмашдилар.
Дастур доирасида Япония адвокатлар федерацияси, Япония нотариуслар миллий ассоциацияси ҳамда Япония Адлия вазирлигининг Халқаро ҳамкорлик департаменти вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Равшан Мардиев учун ушбу ташриф япон ҳамкасбларининг юридик касбни ташкил этишга бўлган ёндашувлари билан танишиш ва Япония ҳуқуқий ҳамжамияти вакиллари билан профессионал тажриба алмашиш имконияти бўлди.
LOYAL учун халқаро профессионал тажриба алмашинуви хорижий компаниялар ва трансчегаравий лойиҳалар билан ишлашда алоҳида аҳамиятга эга. Турли ҳуқуқий ва бизнес ёндашувларини тушуниш турли юрисдикциялардан бўлган мижозлар билан самарали ишлашга ёрдам беради.

